http://prod1.cnmi_ca.iostructure.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/08/05/feature-01
| Терроризм

Қозоғистон расмийлари ва диний арбоблар интернетдаги экстремизм тарғиботига қарши биргаликда курашмоқда

Ксения Бондал

image

Масжидга келганлар жума мавъизасини тингламоқдалар, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти, май ойи. (Туркистон вилояти ҳокимлиги)

ОЛМАОТА – Интернетдаги экстремизм тарғиботига қарши кураш мақсадида, Қозоғистон расмийлари ва диний арбоблар экстремистик материалларга барҳам бериш ва ишончли ахборот таъминотини ўз ичига олган икки ёқлама ёндашувни ишлаб чиқдилар.

Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири ўринбосари Нургул Мауберлиновага кўра, Қозоғистонда терроризм ва экстремизм тарғиботини ўз ичига ўнлаб интернет-манбалар аниқланмоқда ва блокланмоқда.

«Вазирлик қонунга хилоф материалларни аниқлаш мақсадида интернет ва ижтимоий тармоқларни доимий кузатиб бормоқда», деди Мауберлинова 26 июнь куни Нур-Султонда ўтказилган брифингда, деб хабар беради Zakon.kz нашри.

«Булар, энг аввало, терроризмни ва экстремизмни тарғиб қилувчи, ўз жонига қасд қилишга чақирувчи материаллар, шунингдек, қурол-яроғ ва наркотиклар сотиладиган сайтлар ва ижтимоий тармоқлар саҳифаларидир», деди у.

image

Май ойида Туркистон вилоятида ўтказилган анжуманда имомлар Қозоғистондаги диний таълим масалаларини муҳокама қилдилар. (Туркистон вилояти ҳокимлиги)

Унинг айтишича, 2019 йилнинг биринчи ярмида вазирлик қонунчиликка зид бўлган 45 мингдан ортиқ материалларни аниқлаган. Ўтган йил давомида бу кўрсаткич 130 мингтани, 2017 йилда эса 300 мингтани ташкил қилган эди.

«Бу материалларнинг тахминан 90 фоизи терроризмни, қолганлари гиёҳвандлик, шафқатсизлик, зўравонлик, ўз жонига қасд қилиш ва порнографияни тарғиб қилади», деб қўшимча қилди у.

Мауберлинова Суриядаги ваҳшиёна қотилликлар ҳамда Қозоғистон ва Марказий осиёлик жангариларнинг «жиҳодга» чақириқлари акс этган видеолавҳаларни мисол ўлароқ келтирган.

Ҳукумат қозоқ интернетини доимо «тозалаб» туради, деди Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг (ҚМДИ) интернет тарғиботи бўлими раҳбари Мурат Абдикаликов.

Қозоғистонда учта идора ноқонуний сайтларни блоклаш ваколатига эга, булар – Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ).

Охирги уч йил ичида 176 нафар қозоғистонлик интернет орқали терроризм ва экстремизмни тарғиб қилишда айбланиб, суд қилинган.

2016 йилда 52, 2017 йилда 76 ва 2018 йилда 39 фуқаро судланган. Уларнинг аксарияти халқаро террорчи ташкилотлар аъзолари эди.

Таълим кучи

«Ёшлар онгида диний қадриятларга оид ишончли маълумотлар ёхуд бузғунчи ғоялар билан тўлдирилиши мумкин бўлган информацион бўшлиқ бор», дейди Олмаотадаги «Нур-Муборак» Миср ислом маданияти университети ходими Мажид Жунисбеков.

Унинг айтишича, ёшлар Исломни тинчлик дини деб тушуниши ва унда зўравонлик ёки шафқатсизликка ўрин йўқ эканини англаши учун уларга ишончли маълумотлар етказилиши керак.

Интернетдаги экстремизм тарғиботига қарши кураш мақсадида, ҚМДИ ижтимоий тармоқларда muftiyat.kz, azan.kz, mazhab.kz, muslim.kz каби ишончли диний маълумотларни тақдим этувчи бир нечта лойиҳаларни ишга туширган.

«Facebook, Instagram, Telegram ва Vkontakte тармоқларида саҳифаларимиз бор», дейди Абдыкаликов.

ҚМДИ ўз аудиториясини тўрт хил тоифага ажратган.

Биринчи тоифа – бу умумий аудитория бўлиб, озми-кўпми Исломга қизиқадиганларни ўз ичига олади.

Иккинчиси – мунтазам равишда масжидга чиқадиганлар.

«Уларнинг диний хабардорлиги яхшироқ, шу боис ҳам уларга намоз, рўза, кийиниш одоблари, ҳаром ва ҳалол маҳсулотлар ҳақида чуқурроқ беришга ҳаракат қиламиз», деди Абдыкаликов.

Учинчи тоифага мадрасалар ва Нур-Муборак университети талабалари киради. Улар учун ҚМДИ томонидан фиқҳ (Ислом ҳуқуқи), ақоид (Ислом ақидаси) ва араб тили бўйича кенг қамровли онлайн дарслар жорий қилинган.

Тўртинчи тоифа – бузғунчи оқимлар аъзолари. ҚМДИ уларнинг қизиқишлари ва муаммоларига ҳам катта эътибор қаратмоқда.

«Бизда фақат савол-жавоблар ва изоҳлар учун мўлжалланган fatua.kz веб-сайти бор», деди у. «Ушбу сайтда берилган саволларга кўра, тўртинчи тоифадагиларнинг диққат марказида жиҳод мавзуси туради. Улар жиҳод учун Сурияга бориш кераклигини ёзадилар. Биз Сурияда бўлаётган воқеалар «жиҳод» эмас, балки оддий терроризмдир, дея жавоб берамиз, бунга диний манбалардан далиллар келтирамиз.»

Fatua.kz сайтига ҳар куни 100 тагача савол келади. ҚМДИнинг фатво ва шаръий масалалар бўлими ходимлари уларга зудлик билан жавоб қайтарадилар.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha

Холис!

Жавоб бериш